Осиё кубоги-2026 саралаш баҳслари бошланмоқда
17 сен 11:56
Янгиликлар


Осиё кубоги-2026 саралаш баҳслари бошланмоқда
20-24-сентябрь кунлари қитъамизнинг 31 та терма жамоаси Осиё кубоги-2026 саралаш баҳсларидаги ўз юришларини бошлашади. Қуръага кўра жамоалар 8 та гуруҳга тақсимланган. 7 та гуруҳда 4 тадан, битта гуруҳдан эса 3 та жамоа ўрин олган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу муддатда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган "Ф" гуруҳи саралаш ўйинларида иштирок этади. Ҳамюртларимиз Қирғизистон, Шарқий Тимор ҳамда Фаластин терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади. Гуруҳлар таркиби юқоридаги суратларда ўз аксини топган.
Нодир Элибоев шогирдлари дастлабки учрашувни 20-сентябрь санасида Фаластин терма жамоасига қарши ўтказади. 22-сентябрда эса Шарқий Тимор терма жамоасига қарши баҳсда паркетга чиқишди. Ва ниҳоят гуруҳдаги сўнгги тур мусобақа мезбонлари – Қирғизистон терма жамоасига қарши 24-сентябрь куни бўлиб ўтади.
Мусобақа Регламентига биноан гуруҳларда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар Осиё Кубоги-2026 мусобақаси финал раунди иштирокчисига айланишади. Шунингдек, гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган – энг яхши кўрсаткичга эга бўлган етти жамоага ҳам Осиё кубоги йўлланмаси насиб этади. Мазкур 15 жамоага саралаш ўйинларидан озод этилган мезбонлар — Индонезия футзалчилари қўшилишади.
Осиё кубоги-2026 финал босқичи 2026-йилнинг 27-январидан 7-февралига қадар Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар