Шомуродовнинг собиқ клубдоши, Африка қитъасининг энг яхши футболчиси, 2021 йил дунёнинг энг яхши дарвозабони. Бугун "Насаф"га қарши кимлар ўйнайди?
15 сен 12:21
Янгиликлар


Шомуродовнинг собиқ клубдоши, Африка қитъасининг энг яхши футболчиси, 2021 йил дунёнинг энг яхши дарвозабони. Бугун "Насаф"га қарши кимлар ўйнайди?
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони "Насаф" клуби 1-турни Саудия Арабистонида Элит Осиё чемпионлар лигасининг амалдаги чемпиони Жидданинг "Ал Аҳли" клубига қарши майдонга тушади. "Ал Аҳли" сафида кўплаб легионерлар бор. Қуйида улар билан танишамиз:
Рожер Ибаньес
26 ёшли бразилиялик марказий ҳимоячи. 2023 йилда Италиянинг "Рома" клубидан "Ал Аҳли"га ўтган. Ундан олдин "Аталанта", "Флуминенсе" каби клубларда тўп тепган. Айни пайтда Бразилия терма жамоаси аъзоси ва сентябрь ойидаги Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги ўйинларга чақирув олди ва Боливияга қарши майдонга тушади. Ибаньес "Рома" сафида Шомуродов билан биргаликда Конференциялар лигасида ғолиб бўлди, 2023 йилги Европа лигасида ҳам зафар қучди. "Ал Аҳли" билан ўтган мавсум Элит ОЧЛ ғолибига айланди. Саудия Арабистони клуби футболчини Рим клубидан 28,5 миллион евро эвазига харид қилган эди. Трансфермаркт ҳозир унинг нархини 17 миллион еврога баҳоламоқда.
Рияд Маҳрез
Ортиқча таърифга муҳтож бўлмаган футболчи. Кўпчилик уни "Лестер"даги ўйинлари ва 2016 йил бу клуб билан сенсацион тарзда Англия чемпиони бўлгани билан таниган. Кейинроқ "Манчестер Сити"да 5 мавсум стабил тўп тепди ва Англиядаги барча совринларга эга чиқди. 2023 йилда эса "Сити" билан Европа чемпионлар лигасида зафар қучди. Маҳрез 2023 йил ёзида 35 миллион евро эвазига "Ал Аҳли"га кўчиб ўтди ва ҳам Европа, ҳам Осиё чемпионлар лигасида ҳам ғолиб чиққан кам сонли футболчилардан бирига айланди. Маҳрез Жазоир терма жамоасида 2014 йилдан буён 105 та ўйин ўтказган ва 32 та гол уришга эришган. 2019 йилда терма жамоа билан бирга Африка чемпиони бўлган. 2016 йилда Рияд Маҳрез Африка қитъасининг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Айни пайтда трансфермаркт 34 ёшли футболчини 8 миллион еврога баҳоламоқда. Таққослаш учун "Насаф"нинг умумий нархи 9,73 миллион еврога тенг.
Энцо Мийо
Кўпчилик учун нотаниш, лекин трансфермаркт портали бўйича айни пайтда "Ал Аҳли"нинг энг қиммат футболчиси - 35 миллион евро. Франциялик ярим ҳимоячи шу йилнинг август ойида "Штутгарт"дан 30 миллион евро эвазига сотиб олинди. 23 ёшли футболчи 2021 йилда "Монако" асосий таркибида деярли ўйнамай Германияга кетган ва у ерда 4 йил тўп тепди. Франциянинг деярли барча ёш тоифадаги жамоаларида ўйнаб чиқди. 2019 йил U-17 Жаҳон чемпионатида учинчи ўрин, ўтган йил Франция олимпия терма жамоаси сафида Олимпияда кумуш медалларини қўлга киритди. Шу мавсум бошида "Ал Аҳли"га келиб ҳозиргача 5 та ўйинда майдонга тушди ва 2 та гол уриб, 2 та голли узатмани амалга оширишга улгурди.
Галено
Вендерсон Родригес ду Насименту Галено қисқа қилиб айтганда Галенони "Ал Аҳли" 2025 йил январь ойида "Порту" клубидан оз эмас, кўп эмас нақ 50 миллион евро эвазига сотиб олган. 27 ёшли вингер "Брага" ва "Порту" сафида Португалиядаги барча совринларни қўлга киритган. Галено 2020 ва 2021 йилларда Европа лигасида энг яхши ассистентлар қаторидан жой олган. Трансфермаркт порталига кўра, футболчи 2015 йилдан буён профессионал фаолияти давомида 398 та ўйинда майдонга тушиб, 105 та гол урган ва 81 та голли узатмани амалга оширган. Галено Бразилия миллий терма жамоасида фақат бир марта майдонга тушган. 2024 йил март ойида Мадриддаги "Сантьяго Бернабеу" стадионида Испанияга қарши кечган ўртоқлик учрашувининг охирги 8 дақиқаси учун захирадан ўйинга қўшилган Галено жамоаси учун пенальти ишлаб берган ва ўша пенальтидан урилган гол Бразилияни мағлубиятдан қутқариб қолганди - 3:3.
Эдуар Менди
"Челси"даги ажойиб ўйинлари билан мухлисларга яхши таниш бўлган футболчи 2023 йилнинг ёзидан буён "Ал Аҳли" дарвозасини қўриқлаб келмоқда. Лондон клуби сенегаллик посбонни 18,5 миллион евро эвазига Саудия Арабистонига қўйиб юборган эди. 33 ёшли Менди 2021 йилда "Челси"да УЕФА чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги, ФИФА клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда ғолиб чиқди. Ўша йил Сенегал сафида Африка миллатлар кубоги соҳибига айланди ва ФИФА талқинига кўра 2021 йил дунёнинг энг яхши дарвозабони деб тан олинди. Менди ҳам Европа, ҳам Осиё чемпионлар лигасида ғолиб чиқишдан ташқари мана шу икки қитъа чемпионлар лигасида мавсумнинг энг яхши дарвозабони деб топилган. Эдуар Менди бу мавсумдан бошлаб "Ал Аҳли"нинг биринчи сардори ҳисобланади.
Айвен Тоуни
Англия терма жамоаси ҳужумчиси 2024 йил ёзида "Брентфорд"дан 42 миллион евро эвазига харид қилинган. У Англия премьер-лигасида 85 та учрашувда майдонга тушиб, 36+11 кўрсаткичини қайд этган. Тоуни Саудия Арабистонида бошланган янги мавсумда ҳозиргача 5 та ўйинда майдонга тушиб 5 та гол уришга муваффақ бўлди. Англия терма жамоаси сафида 2024 йилги Европа чемпионати кумуш медали соҳибига айланган. Айни пайтда трансфермаркт порталига кўра, ҳужумчининг трансфер нархи 25 миллион еврога тенг.
Матеус Гонсалвеш
Шу йилнинг 1 сентябрь куни "Фламенго" клубидан 9 миллион евро эвазига сотиб олинган 20 ёшли вингер. Келажак учун харид қилинган Гонсалвеш ҳозирча "Ал Аҳли" сафида умуман майдонга тушгани йўқ. Деярли ҳеч ким танимайдиган футболчини трансфермаркт 7 миллион еврога баҳоламоқда.
Мериҳ Демирал
"Ювентус" ва "Аталанта" каби клублардаги фаолияти орқали ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш бўлган туркиялик марказий ҳимоячи. 27 ёшли Демирал Туркия терма жамоасида 57 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол уришга эришган. Уни "Ал Аҳли" 2023 йил ёзида "Аталанта"дан 17 миллион еврога сотиб олганди. Футболчи "Ювентус" сафида Италия чемпиони, Италия кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланган.
Маттео Дамс
2025 йил январь ойида Нидерландиянинг ПСВ клубидан 9 миллион евро эвазига сотиб олинган чап қанот ҳимоячиси. 21 ёшли футболчи ўтган мавсум "Ал Аҳли" сафида бир қатор ўйинларда иштирок этди, Элит ОЧЛда ғолибликка ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Бироқ янги бошланган мавсум Саудия Арабистони лигасидаги легионерлар лимити туфайли биринчи давра учун рўйхатдан ўтказилмади.
Франк Кесси
Тўп тепган клублари бўйича айни пайтда "Ал Аҳли"нинг ҳақиқий юлдузи. Кесси "Аталанта", "Милан" ва "Барселона"даги фаолият олиб борганини кўпчилик яхши билади. Ивуарлик таянч ярим ҳимоячиси 2023 йил ёзида 12,5 миллион евро эвазига Жидда клубида кўчиб ўтганди. Айни пайтда 28 ёшли футболчининг трансфер нархи 14 миллион еврога тенг. Кот-д'Ивуар терма жамоасида 92 та ўйинда майдонга тушган ва 13 та гол уришган Франк 2023 йил Африка миллатлар кубогида ғолиб бўлган. "Милан" сафида Италия чемпиони, "Барселона"да Испания чемпиони ва Суперкубоги соҳиби бўлган.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Уларам Европага мос эмаслиги учун ҳайдалганлар.
Шундай экан Насафдан камида дурранг кутсак бўлади.
Roʻzi aka juda xotirjam inson va aqlli futbolchilarga bosim qilib shoshirib qoʻymaydi. Hammasi oʻzini ishini qiladi Nasaf bunaqa katta klublar oʻynashni biladigan Uzbdagi eng yaxshi klub. Koʻrasilar Ahli qiynaladi.
Omad yigitlarimizga.