UZ

Сўнгги янгиликлар

13:50Факт. Ўзбекистон Тошкентда Эронни ютмаган. Нохуш анъана тугайдими?  4 13:20Томас Тухель: "Идеал ўйин йўқ, аммо жамоам кўп яхши томонларни кўрсатди"  0 12:50Роберт Левандовский 2025/26 йилги мавсумдан сўнг "Барселона"ни тарк этиши мумкин  3 12:16ОЧЛ-2. "Аркадағ" - "Андижон" учрашувини сингапурлик ҳакам бошқаради  7 11:47U-23 Осиё Кубоги саралаш босқичи. Қирғизистон билан дуранг ўйнаган Ўзбекистоннинг гуруҳида вазият қандай?  14 11:20Ислом Исмоилов Канада билан ўйиндан сўнг: "Пенальтилар серияси доим режамизда бўлади"  1 10:45Саудия клублари Ҳарри Магуайрга қанча маош таклиф қилгани маълум  1 10:09Вильям Салиба қанча муддатга сафдан чиққани маълум  2 09:30Here we go! Онана "Манчестер Юнайтед"ни тарк этмоқда  21 08:58"Ал Аҳли" Франция U-21 аъзосини 25 миллион еврога сотиб олди  3 08:17Роналду Мессидан ўтиб кетди  22 07:50ЖЧ-2026 саралаши. Португалия Арманистон устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Англия Андоррани енгди, Сербия эса Латвиядан устун келди  9 07:35Дембеленинг жароҳати жиддий бўлиб чиқди. Унинг қанча муддатга сафдан чиққани эълон қилинди  5 23:05Самарқандда хайрия учрашуви: "Динамо" фахрийлари Ўзбекистон МТЖ афсоналари учрашувида 8 та гол урилди  15 22:31Данни Блинд "Аякс"ни тарк этади  2

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади

Ҳозиргина Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Бу катта воқеликдан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев футболчиларга табрик йўллади.

Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришганингиз – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди, десак, тўғри бўлади. Сизлар профессионал билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингиз, энг муҳими, юксак иродангиз ва ғалабага бўлган ишончингиз билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

Мана шу мунаввар оқшомда – қутлуғ зафар айёмида кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқи сизлар билан ҳақли равишда фахрланмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Саралаш ўйинлари нақадар кучли рақобат остида, кескин ва шиддатли курашларда ўтгани, терма жамоамизга нисбатан турли босимлар бўлганига қарамасдан, сизлар зарур очколарни жамғариб, азму шижоатли Янги Ўзбекистон ёшлари қандай юксак марраларни эгаллашга қодир эканини яна бир бор амалда исботладингиз.

Сизларнинг ана шундай ғоят масъулиятли турнирдаги муносиб иштирокингиз кейинги йилларда мамлакатимизда спортга, жумладан, унинг энг оммавий тури бўлган футболга берилаётган улкан эътиборнинг яна бир буюк амалий натижаси сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир.

Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё қитъасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман.

Мана шу шукуҳли айёмда сизларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган меҳрибон ва талабчан устоз-мураббийларингиз, миллий терма жамоамизнинг барча аъзоларини, сизларга бахт ва омад тилаб, кечаю кундуз дуода бўлиб келган ота-оналарингиз, ака-ука, опа-сингил ва барча яқинларингизни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан қизғин табриклаб, уларга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Сизлар муқаддас Қурбон ҳайити кунларида халқимизга байрам совғаси сифатида олиб келаётган ушбу унутилмас тарихий ғалаба барчамизга муборак бўлсин!

Зафарли одимларингиз бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика